Ўзбекистон туроператорларга Эбола вируси чиққан мамлакатларда ишлашни вақтинчалик таъқиқлади

Дата: 13:57, 10-11-2014.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – Эпидемияларга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда комиссияси Ўзбекистон туроператорларга Эбола вируси тарқаган мамлакатларга туристик ва бошқа ташрифларни расмийлаштиришни вақтинчалик таъқиқлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу мамлакатлар рўйхатига Гвинея, Сьерра-Леоне, Либерия, Конго Демократик Республикаси, Нигерия, Сенегал ва Мали кирди. Ҳозирда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси Соғлиқни-сақлаш вазирлиги билан биргаликда ушбу вирусдан самарали ҳимояланиш бўйича қўлланмани ишлаб чиқмоқда”, – деб таъкидлашди “Ўзбектуризм” МК матбуот хизматида.

Қўлланма туристик фаолият субъектлари орасида тарқатилади.

БМТнинг Бутунжаҳон Соғлиқни-сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунда Эбола касаллиги билан оғриш ҳолатлари АҚШ, Канада, Буюк Британия, Испания ва Германияда рўйхатга олинган, шунингдек, вируснинг Россия, Беларусия, Молдова, Австралия ва Японияга кириб келгани ҳақида гумонлар бор.

Янгилик билан ўртоқлашиш: