Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таниқли сухандонни ўлдирганликда гумон қилинаётган шахсни қўлга олди

Дата: 15:58, 03-03-2015.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таниқли сухандон Раҳматилла Мирзаевни ўлдирганликда гумон қилинаётган шахсни қўлга олди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“60 ёшли Мирзаевнинг жасади 2 март куни эрталаб Тошкент вилояти Зангиота тумани Чиғатой-Оқтепа маҳалласидаги ўз уйи ҳовлисидан топилди. Тошкент вилояти ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган оператив-қидирув тадбирлари натижасида қотилликда гумондор шахс – Зангиота тумани “Чувалачи” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 21 ёшли киши кўлга олинди”, – деб таъкидлашди ИИВ матбуот хизматида.

Ушбу факт юзасидан жиноят иши очилган. Тергов тадбирлари доирасида ушланган шахснинг уйидан қилинган жиноятга молик ашёвий далиллар топилди. Ёш йигит ички ишлар бўлинмасига олиб келинган. Ҳозирда тергов қотиллик сабабларини ойдинлаштирмоқда.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йил сентябрда Раҳматилла Мирзаев 60 ёшга кирган бўлиб, у Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг янгиликлар ва давлат байрам дастурларининг етакчи сухандони эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: