Ўзбекистон ҳудудларида диагностика ва даволашнинг янги усуллари жорий этилмоқда

Дата: 12:35, 08-11-2019.

Тошкент. 8 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳудудларида диагностика ва даволашнинг янги усуллари жорий этилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги йилларда аллергология, онкология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология ва қон томир, травматология ва ортопедия, нейрохирургия каби қатор йўналишларда тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш марказлари сони 16 тага етди. Ҳудудларда 16 та филиал, 310 та мазкур марказларнинг ихтисослаштирилган бўлимлари ташкил этилди.

"Натижада илғор хорижий клиникалар ва халқаро тиббиёт муассасалари мутахассислари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш натижасида мамлакатимиз ҳудудларида 174 та янги диагностика ва 264 та даволаш усуллари жорий этилди, телемедицина ёрдамида 801 та онлайн консультация ўтказилди. Шунингдек, кардиожарроҳлик хизмати бутун республика бўйлаб ривожланиб, 10 та ҳудудда 10 та рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган, 8 та вилоятда очиқ кардиожарроҳлик ишлари олиб борилмоқда", – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида пойтахтимизда ҳудудий филиалларнинг 172 нафар мутахассислари, хорижда 348 нафар шифокор малака оширди.

Сурат манбаи: minzdrav.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: