Ўзбекистон ҳудудларида интеллектуал мулк қонунчилигининг бузилишлари аниқланди
Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – 2015 йил 30 ноябрдан 5 декабргача Бухоро ва Навоий вилоятларида интеллектуал мулк муҳофазаси соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига риоя қилиниши бўйича мониторинг амалга оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигидан маълум қилишларича, мониторинг натижасида 23 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди, жумладан, Бухоро вилоятида 13та ва Навоийда 10та. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича тегишли ваколатли органларга маълумот берилди.
Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон ҳудудларидаги мониторинг натижасида 624 қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Аудиовизуал асарлар, фонограмма ва ЭҲМ учун дастурларни аниқлаш бўйича рейдлар аҳоли гавжум жойларда, бозорлар, савдо расталарида, интернет-кафеларда ўтказилди.
Январ-сентябрда бош прокуратура, ИИВ ва Давлат солиқ қўмитасига аудиовизуал асарлар, фонограмма ва ЭҲМ учун дастурлар бўйича 178699 муаллифлик ҳуқуқий хулосалари, ЭҲМ учун дастурлар бўйича 170 хулосалар йўлланди. Аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг умумий қиймати 1 млрд 841 млн 786 минг сўмга тенг.


