Ўзбекистон ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекслари ташкил этилади

Дата: 17:31, 30-05-2019.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекслари ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Президентнинг "Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди (ПҚ-4341-сон, 28.05.2019 й.). Қарорга мувофиқ, республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича комплекслар ташкил этилади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, мазкур комплекслар "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасига аъзо корхоналарга ёки тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга лизинг ёки сотиб олиш шарти билан ижара асосида 10 фоиздан ортиқ бўлмаган ставка бўйича берилади.

Тижорат банклари томонидан комплексларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун қисқа муддатли кредитлар ажратилади.

"2022 йил 1 январга қадар комплексларда амалга оширилаётган лойиҳалар комплексларни лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан ижарага бериш кунигача, технологик ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материалларини олиб киришда божхона тўловлари учун фойда солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади", - дейилади хабарда.

Шунингдек, "Ўзпахтасаноат" АЖ таркибига кирувчи тикув-трикотаж корхоналарига биржа савдоларида пахта толасини сотиб олиш ҳуқуқи берилди.

Мажмуаларда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобидан 80 минг 880 янги иш ўрни яратилиши қайд этилди.

Сурат манбаи: uza.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: