Ўзбекистон Украина ва Қримдаги вазият юзасидан баёнот берди

Дата: 13:53, 25-03-2014.

Тошкент. 25 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Украинадаги вазият ва Қрим масаласи бўйича позициясига доир баёнотни эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистоннинг Украинадаги воқеалар юзасидан “Жаҳон” ахборот агентлигининг 2014-йил 4-мартдаги баёнотида ифода этилган муносабати ўзгармасдан қолади. Ўзбекистон Республикасининг БМТ Низоми асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда “юзага келадиган халқаро баҳсларни тинч воситалар билан ҳал этиш, халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёҳуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш” борасидаги позитсияси қатъий ва ўзгармасдир. Ушбу принципиал аниқ мақсадли вазифалар замонавий босқичда сиёсатимизнинг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти консепсияси тўғрисида”ги Конституциявий қонунда ўз аксини топган. Ўзбекистон шу каби халқаро муаммоларга нисбатан ушбу тамойилларга риоя қилган ва бундан кейин ҳам амал қилади”, дейилади ТИВ хабарида
Бундан ташқари, хабарда “Шу билан бирга, бизнингча, бугун Украина ва Қримда содир бўлаётган воқеаларнинг олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, украин ва рус халқларининг асрий яқинлигидан, маънавий ва маданий қадриятларининг, улар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг тарихан шаклланган муштараклигидан келиб чиқиб, юзага келган муаммоларни ўзаро мақбул муросали ҳал этиш чорасини топишнинг ягона тўғри йўли бевосита икки томонлама музокаралар олиб боришдир. Бундай ҳолатда вақт қанча кўп ўтса, шунча кўп қарама-қаршиликлар юзага келади ва вазият мураккаблашади” – деб таъкидланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: