Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилгача Наманганни ривожлантириш дастурини тасдиқлади

Дата: 16:12, 20-12-2016.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати 2017-2019 йилларда Наманган шаҳар йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш дастурини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Дастурга мувофиқ, яқин 2 йилда шаҳарда автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш бўйича 5 лойиҳа амалга оширилиб, бунга 35,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Ишлар Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. 20 км атрофида йўл таъмир қилинади.

Бундан ташқари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси - сув таъминоти, канализация, электр таъминоти, газ таъминоти ва телекоммуникация тизимлари қурилиши ва реконструкция бўйича бажариладиган ишлар ҳам режалаштирилган.

Хусусан, сув таъминотини яхшилашга 16,2 млрд сўм, канализация тизими қуришга 7,8 млрд сўм, электр таъминоти тизимини реконструкция қилишга 3,7 млрд сўм, газ таъминотига 5,6 млрд сўм, телекоммуникация тизимига 729 млн сўм йўлланади.

“Юқоридаги ишларнинг асосий буюртмачиси Наманган ҳокимиятининг “Ягона буюртмачи хизмати” муҳандислик компаниясидир”, - деб таъкидланади Вазирлар Маҳкамаси қарорида.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: