Ўзбекистон ҳукумати “Акционерлик жамиятлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритди

Дата: 13:22, 13-05-2014.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати “Акционерлик жамиятлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Norma.uz сайти берган хабарга кўра, ўзгартишлар 7 майдан бошлаб кучга кирди.
Энг аввало, янги таҳрирда очиқ ва ёпиқ акционерлик жамиятлари ҳақидаги тушунча муомаладан чиқарилди. Эндиликда жамиятлар ўзи жойлашадиган ўрнини илгариги каби давлат рўйхатидан ўтган ерда эмас, балки низомига кўра аниқлаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, уларга электрон манзилга эга бўлиш мажбурияти юкланди. Манзил ўзгарган ҳолда жамият бу ҳақида юридик шахсларни рўйхатга олиш давлат органини хабардор қилиши керак.
Акционерлар ва жамиятнинг акционерлар томонидан сотилаётган акцияларни олиш бўйича имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати ҳам қисқартирилди. Ушбу муддат акция сотувга қўйилганидан бошлаб камида 10 кун ва кўпи билан 30 кундан ошмаслиги керак (илгари ушбу муддат навбати билан 30 ва 60 кун эди). Ушбу афзаллик жамият низомида агар унинг акционерлари сони 50дан ошмаса кўзда тутилиши мумкин.
Янги таҳрирда таъсис йиғилиши қарори жамиятнинг барча таъсисчилари томонидан қўл қўйилган протокол билан расмийлаштирилиши керак. Битта таъсисчиси бўлган жамиятда таъсис мажлиси ўтказилмайди.
Хужжатда бошқа ўзгартишлар ҳам мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: