Ўзбекистон ҳукумати болалар спорти маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг валюта олишини осонлаштирди

Дата: 13:21, 13-05-2014.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ - Ўзбекистон ҳукуматининг 2014 йил 5 майдаги қарори билан болалар спорти маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг валюта олишини осонлаштирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг валюта маблағларини жалб этган ҳолда болалар спорти учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни янгидан қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларни тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисидаги Низом тақсдиқланди. Norma.uz сайтининг ёзишига кўра, Ўзбекистон Республикасида болалар спортини янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг талаби юқори бўлган ва замонавий сифат стандартларига жавоб берадиган спорт кийим-кечаклари, пойабзали, буюмлари ва анжомларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга доир фаолиятини кенгайтириш ва рағбатлантириш мақсадида лойиҳаларни молиялаштириш кўзда тутилган.
Хужжатга мувофиқ, қуйидагича молиялаштириш тартиби белгиланган: лойиҳа умумий қийматининг 40 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми Жамғарманинг валюта маблағлари ҳисобига, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки, «Асака» давлат акциядорлик тижорат банки орқали қайта молиялаштириш йўли билан кредитлар тарзида; камида 60 фоизи – ташаббускорларнинг ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига амалга оширилади.
Қарз олувчиларга кредит бериш, кредитни қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан, 7 йилдан кўп бўлмаган муддатга амалга оширилади. Жамғарманинг валюта кредит линияси ҳисобига кредитдан фойдаланиш учун фоиз ставкаси, ваколатли банкнинг 0,5 фоиз миқдоридаги маржасини қўшган ҳолда, 2,5 фоиздан 4,5 фоизгача йиллик фоиз миқдорида белгиланади.
Жамғарманинг кредит линияси ҳисобига кредитлар фақат Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг валюта маблағларини жалб этган ҳолда амалга ошириладиган болалар спорти учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни янгидан қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш юзасидан амалга ошириладиган лойиҳаларни танлаб олиш бўйича Эксперт комиссиясининг ижобий тавсияси ҳамда ваколатли банк кредит қўмитасининг (ёки банк бошқаруви тегишли ваколатли органининг) белгиланган тартибда расмийлаштирилган қарори мавжуд бўлган тақдирдагина ажратилади, дейилади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: