Ўзбекистон ҳукумати ХМИ ва донор-мамлакатлар билан қиймати $845,48 млнлик келишувлар имзолади
Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – 2017 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ҳукумати халқаро молия институтлари ва донор-мамлакатлар билан қиймати $611,47 млнлик олтита келишувлар имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Лойиҳаларнинг умумий қиймати $845,48 млнни ташкил этади. Молия вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан қиймати $572,9 млнлик тўртта заём шартномаси имзолади.
Хусусан, Ўзбекистон “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасига Осиё тараққиёт банкининг $100 млн маблағини жалб қилди. Лойиҳа қиймати $133,3 млн. ОТБ “Қарши-Шахрисабз-Китоб” йўналиши бўйича автомобил йўлини қайта таъмирлаш“ Қарши-Шахрисабз-Китоб” йўналиши бўйича автомобил йўлини қайта таъмирлаш” лойиҳасини амалга оширишга $198 млн жалб қилди. Лойиҳа қиймати $266,2 млнни ташкил этади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва ОТБ қиймати $143,8 млнлик “Тошкент вилояти шахарлари ва туманларининг сув таъминоти ва канализация тизимларини қайта таъмирлаш ва қуриш (1-босқич)” лойиҳасини амалга оширмоқда. Бунда банк улуши $120,9 млнга тенг. Қиймати $240,9 млн бўлган “Мева-сабзавотчилик секторида қўшимча қийматни яратиш кетма-кетлигини ривожлантириш” лойиҳаси ҳам ОТБ иштирокида амалга оширмоқда. Банк бунга $154 млн кредит ажратган.
2017 йилнинг 1-чорагида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси “Ўзбекистоннинг сут махсулотлари секторида қўшимча қийматни кетма-кетлигини ривожлантириш” лойиҳасига $23,87 млн кредит ва $0,7 млн грант ажратди. Лойиҳа ялпи қиймати $40,57 млн.
Ўзбекистон ва Жаҳон банки “Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг таъсирини Орол денгизи бассейнига камайтириш Дастури” доирасида кредит келишуви имзолади. Унинг қиймати $20,71 млнга тенг. Бунинг $14 млни Жаҳон банки кредити.