Ўзбекистон ҳукумати “Навоий” логистика маркази орқали юк ташиш ҳажмини уч маротаба кўпайтирмоқчи
Тошкент. 28 февраль. ЎзТАГ. Ўзбекистон ҳукумати “Навоий” аэропортидаги мультимодал логистика маркази орқали юк ташиш ҳажмини уч маротаба кўпайтириб, 2013 йилдаги 100 минг тоннадан 300 минг тоннагача еткизмоқчи, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Тошкентда яқинда бўлиб ўтган ўзбек-корейс бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари Шавкат Тўлаганов хабар қилди.
“Биз ўтган йил охири, декабрда ушбу логистика марказини бошқариш ҳақида Korean Air авиакомпанияси билан келишув имзоладик. Бу – иккитомонлама ҳамкорлигимизнинг яна бир натижасидир. Ва ҳукумат ушбу халқаро аэропорт инфраструктурасини ривожлантириш учун маблағ тикади”, дея қайд этди вазир ўринбосари корейс ҳамкорларга мурожаат этган ҳолда.