Ўзбекистон ҳукумати уруш ва меҳнат фахрийларини соғломлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни қабул қилди

Дата: 15:52, 06-01-2015.

Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати Уруш ва меҳнат фахрийларини соғломлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумот Norma.uz сайтида жойлаштирилган.

Хужжатга мувофиқ, Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий маркази таркибида 4 кишилик уруш ва меҳнат фахрийларини санатор услубда соғломлаштириш бўйича бўлим ташкил қилинади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига фахрийларни санатор соғломлаштириш бўйича бўлимни ташкил қилишга доир низомни тасдиқлаш ва унда бўлим хизматчиларига бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобидан лавозим бўйича маошининг 50%гача миқдорда устама тўлашни кўзда тутиш топширилди.

Ушбу вазирликка 2015 йил 1 мартга қадар Соғлиқни-сақлаш вазирлиги ва “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда фахрийларга санатор соғломлаштириш учун йўлланмалар беришни ташкил этиш ҳам топширилди.

Низомга мувофиқ, фахрийлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, давлат ва хўжалик бошқаруви санаториларида йилига бир марта текинга 12 кунлик даволаниш курсидан ўтишлари белгиланган.

Бундан ташқари, 1- гуруҳ фахрийлари ҳамроҳлик қуилувчи бир кишига қўшимча бепул йўлланма ҳам олиш ҳуқуқига эгалар.

Санаторийга йўлланма олиш учун фахрийлар бандликка кўмаклашиш ва ижтимоий муҳофаза бўйича туман (шаҳар) марказларига мурожаат қилишлари зарур.

Ўз навбатида, туман (шаҳар) марказлари ариза билан мурожаат қилганлар рўйхатини тузади ва уларни “Нуроний” жамғармаси бўлинмалари билан келишади ҳамда 15 кунлик муддат ичида рўйхатни Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий марказига йўлланмалар бериш учун тақдим этади.

Йўлланмадан фақат у берилган шахснинг ўзи фойдаланиши мумкин. Уни бошқага тақдим этишга йўл қўйилмайди, дейилади маълумотда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: