Ўзбекистон ҳукумати ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва бошқа мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси ташкил этилди

Дата: 15:18, 22-05-2017.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва бошқа мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Янги ташкилот президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Республика байналмилал маркази ҳамда Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши базасида ташкил қилинди.

“Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурининг хабар беришича, давлат раҳбарининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, фуқаролар онгида ягона кўп миллатли катта оилага мансублик ҳиссини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган.

Янги қўмитага жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида қозонилган ютуқларни кенг тушунтириш, дунё ҳамжамияти билан, жумладан, хориждаги ватандошлар биаспораоари билан ҳамкорликни, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш каби вазифалар юклатилди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элатлар истиқомат қилади. Мамлакатда 138 та миллий маданий марказ ва 34 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: