Ўзбекистон ҳукуматига ҳудудларда йирик логистика марказлари ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди
Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукуматига ҳудудларда йирик логистика марказлари ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ҳукумат бу топшириқни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ички бозорларни қиш-баҳор мавсумида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни қайта ишлаш кўламини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳўл мева-сабзавотлар экспортини кенгайтириш, шунингдек, полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, узум харид қилиш бўйича 2018 йилга мўлжалланган давлат буюртмасини шакллантириш вазифалари ижросига бағишланган йиғилишда олди.
“Шавкат Мирзиёев мамлакат экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ва ташқи бозорга ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида ҳукуматга “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда ўн кун муддатда Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигининг 200 миллион долларгача бўлган молиявий маблағини жалб қилган ҳолда ҳудудларда йирик логистика марказлари ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.
Шу билан бирга, ушбу логистика марказлари замонавий стандартларга жавоб бериши ва мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, ташиш, экспорт қилиш учун барча зарур шароитларга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди.


