Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистон масаласи бўйича позициялар яқинлигини алоҳида таъкидладилар

Дата: 10:53, 28-06-2019.

Тошкент. 28 июнь. ЎзТАГ -Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистон масаласи бўйича позициялар яқинлигини алоҳида қайд этди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

27 июнь куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашевнинг Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Даниэл Натан Розенблюм билан учрашувида бу ҳақда сўз юритилди.

"Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШнинг Афғонистон инқирозини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Афғонистонда турли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва АҚШнинг Афғонистон масаласи бўйича позицияси яқинлиги, 2018 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи чоғида яна бир бор тасдиқлангани алоҳида таъкидланди", - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, Америка томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинч сиёсий жараённи бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий лойиҳаларга юксак баҳо берди. Афғон мавзуси бўйича конструктив ва самарали мулоқотни давом эттиришда икки томонлама ҳам қизиқиш билдирилди.

 

Сурат манбаи: regnum.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: