Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилдилар
Тошкент. 27 апрел. ЎзТАГ – 26 апрел куни давлат раҳбари Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Леонард Вотелни қабул қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Қабулда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Афғонистонда юзага келаётган вазият ва ушбу мамлакатда тинчликка эришиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилади хабарда.
Суҳбат чоғида икки томонлама ўзаро манфаатли ва серқирра ҳамкорлик, жумладан, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
“Жозеф Вотел Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон – Америка муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашни давом эттиришга тайёр эканини қайд этди”, - деб хулоса қилинади хабарда.