Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий ҳамкорликни кенгаштириш масалаларини муҳокама қилдилар

Дата: 13:10, 21-02-2019.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, Ж. Вотел мамлакатга Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаблари бошлиқларининг конференциясида иштирок этиш учун келган.

Бугунги кунда кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бормоқда, инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2018 йилда ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайди, деб қайд этилади хабарда. 

Ш. Мирзиёев АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилаётган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Қуролли кучлари штаблари бошлиқларининг конференцияси илк бор мамлакатимиз пойтахтида ўтказилаётгани ҳамда бугунги даврнинг энг ўткир муаммоларидан бири – Афғонистондаги қуролли можарони муҳокама қилиш ва уни ҳал этишга ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш учун майдон эканини таъкидлади.

“Учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳамда хавфсизлик соҳасидаги шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилади хабарда.

Жозеф Вотел АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони ушбу тадбир якунида томонлар минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида конструктив шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган стратегияни ишлаб чиқишларига ишонч билдирди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: