Ўзбекистон ва АҚШ болалар саратони касалликларини даволаш билан шуғулланади

Дата: 12:33, 16-05-2019.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва АҚШ болалар саратони касалликларини даволаш билан шуғулланади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"13 май куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Америка шифокорлари делегациясининг Тошкентга ташрифининг 16-18 май кунлари бўлиб ўтадиган дастури ва кун тартиби бўйича «St.Jude»(Теннеси штати Мемфис шаҳри) Америка болалар тадқиқот касалхонаси вице-президенти Карлос Родригес Галиндо билан видеоконференция ўтказилди", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Суҳбат чоғида ушбу ташриф 2018 йилда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси делегациясининг “St.Jude” госпитали ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида амалга оширилаётгани қайд этилди ва болалардаги саратон касаллигига қарши курашиш бўйича миллий режани ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилиш, Ўзбекистонда ҳар бир бола учун сифатли ёрдам олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида даволаш бўйича кўрсатмалар ва салоҳиятни ошириш, таълим ва тадқиқотлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш таъкидланди.

Таъкидланганидек, самарали мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида 2018 йилнинг март ойида БДС (Бутун Дунё Соғлиқни сақлаш)нинг Европа минтақавий бюроси кўмагида глобал Евроосиё минтақавий дастури қитъанинг 12 мамлакатидан келган болаларда саратон касаллиги бўйича экспертлар иштирокида ташкил этилди.

К.Галиндо бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга илк бор ташриф буюради ва Ўзбекистон билан кучли ҳамкорлик муносабатларини ўрнатмоқчи.

"Ташриф давомида «St. Jude Children’s Research Hospital, Inc.»илмий-тадқиқот тиббиёт муассасаси ва соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиши режалаштирилган. Ҳужжатда болаларда учрайдиган саратон касаллигини даволаш соҳасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган бўлиб, унда бир қатор тадбирлар, шу жумладан, республиканинг чекка ҳудудларига чиқиш режалаштирилган", - дейилади хабарда.

Шунингдек, ташриф доирасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан учрашув, Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти, Республика онкология ва радиология маркази, Педиатрия институти ва бошқа тиббиёт муассасаларига ташриф буюриш ҳам режалаштирилган.

 

Сурат манбаи: hotgeo.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: