Ўзбекистон ва АҚШ икки томонлама комиссия тузишга келишиб олдилар

Дата: 11:33, 15-05-2019.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва АҚШ икки томонлама комиссия ишга туширилишига келишиб олди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.Мамлакатга келган АҚШ делегацияси Миссисипи штати маъмурияти, етакчи ташкилотлари ҳамда савдо, инновация, саноат, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳасларидаги компаниялари вакиллари ўз ичига олади", - дейилади давлатимиз раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Суҳбат чоғида турли даражадаги алоқалар фаоллашиб бораётгани, ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайгани, инвестициялар, аграр комплекс, саноат, транспорт, туризм, гуманитар алмашувлар соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон билан Миссисипи штати ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, биотехнология ва агрокимё, ўсимликшунослик, чорвачилик ва балиқчилик, тўқимачилик саноати ва логистика соҳаларида, энг аввало, АҚШнинг илғор технологиялари ва билимларини жорий этиш асосида замонавий кластер ва ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш орқали истиқболли лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

"Аниқ лойиҳа ва дастурларни тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича икки томонлама комиссия фаолиятини бошлаш тўғрисида келишувга эришилди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, 2019 йилнинг 16-17-май кунлари Навоий шаҳрида АҚШ ва Канаданинг 40 дан ортиқ компаниялари иштирокида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Америка-Канада бизнес-форуми ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини беради.

АҚШ делегацияси аъзолари идоралараро алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

"Учрашув якунида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори экани таъкидланди", - дея чкунланади хабар.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: