Ўзбекистон ва АҚШ хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни давом эттирмоқдалар

Дата: 15:30, 20-12-2016.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – АҚШ Марказий қўмондонлиги қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал Майкл Гаррет бир гуруҳ маслаҳатчи ва ёрдамчилар билан Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик Қўшма Штатлар учун Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашдаги бир воситадир”, - деб таъкидлашди АҚШнинг элчихонаси матбуот хизматида.

Хабар берилишича, ташриф давомида генерал Гаррет делегацияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари билан учрашди ҳамда Қуролли кучлар академиясида ўтган брифингда иштирок этди.

“Унинг ташрифи хавфсизлик бўйича кенг кўламли ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ҳукумати ва Мудофаа вазирлиги билан юқори даражада олиб борилаётган мулоқот давом этаётганидан далолат беради” – деб таъкидлашди америка дипмиссиясида.

Эслатиб ўтамизки, Майкл Гарретнинг маслаҳатчи ва ёрдамчилари гуруҳининг ташрифи 13-15 декабр кунлари бўлиб ўтган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: