Ўзбекистон ва АҚШ трансмиллий молиявий жиноятлар соҳасида ҳамкорлик қилишга келишдилар

Дата: 09:52, 17-03-2018.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Америка Қўшма Штатлари Махфий хизмати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти билан трансмиллий молиявий жиноятларга қарши кураш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

АҚШ Махфий хизмати доимий вакили Дениз Фейднер ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи Акмалхўжа Мавлонов ушбу ҳужжатни Тошкентда имзоладилар.

Ўзаро англашув меморандуми молиявий текширувлар ҳақида ахборот алмашуви, валютага оид жиноятлар бўйича тажриба ва техник ишланмалар алмашуви, шунингдек томонларни қизиқтирган ўзаро ишчи гуруҳлар ва бошқа учрашувлар ўтказиш тартибини кўзда тутади.

“Валютага оид, молиявий жиноятлар бутун дунёда тобора мураккаб тус олаётган таҳдидга айланмоқда. Бундай жиноятлар йўлига кучли тўсиқ қўйиш трансмиллий жиноий ташкилотлар билан курашишда асосий усул саналади. Махфий хизмат ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари дунё бўйлаб бир-бирларига ёрдам бериши жуда муҳим масала, шу сабабли биз Ўзбекистонда Бош прокуратура билан яқиндан ҳамкорлик қилишни истаймиз”, - деди Дениз Фейднер хоним.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкентдаги АҚШ элчихонаси хавфсизлик бўйича минтақавий идораси ҳам ушбу меморандумни тузишда ўз ҳиссасини қўшди. “Бу меморандум Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг асосий мақсадларидан бири бўлган Қўшма Штатларнинг трансмиллий жиноий ташкилотларга қарши курашиш мақсадида хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради”, - деди элчихона хавфсизлик бўйича минтақавий идораси вакили.

Эслатиб ўтамизки, Валютани қалбакилаштиришни аниқлаш ва унинг олдини олишни асосий мақсад қилган АҚШ Махфий хизмати ташкил этилганига 150 йилдан ошди. Айни пайтда, АҚШ Президенти ва юқори лавозимли расмийлар хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, Махфий хизмат АҚШ валютасини қалбакилаштириш, банк ишидаги фирибгарлик, почтадан ва замонавий алоқа воситаларидан фойдаланишдаги фирибгарлик, ноқонуний молиявий опреациялар ва улар билан боғлиқ кибер-жиноятчилик бўйича молиявий текширувлар олиб боради.

 

Сурат манбаи: http://24post.uz/UZ/8891

Янгилик билан ўртоқлашиш: