Ўзбекистон ва Афғонистон савдо ва транзит бўйича келишув тайёрламоқда

Дата: 18:13, 13-06-2017.

Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукумати томонидан савдо ва транзит соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим тайёрланмоқда. Битим икки давлат ўртасида товар айланмасини кўпайтиришга имкон беради. Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи сақдо вазири Элёр Ғаниев маълум қилди, деб ёзади Sputnik Ўзбекистан.

“Ташқи савдо хажмини ошириш учун ҳозирги кунда тайёрланаётган икки давлат ўртасида савдо ва транзит соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим ёрдам беради”, - деди Ғаниев Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг ўтган ҳафта Остонадаги учрашувини шарҳлар экан.

У учрашув якунларига кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга ҳар йили 300 минг тонна минерал ўғитлар, 2 минг дона қишлоқ хўжалик техникаси, 250 минг тоннадан ортиқ буғдой ва бошқа Афғонистонда талаб катта бўлган маҳсулотлар етказиб берилиши ҳақида келишувга келинган.

“Бугунги кунда жорий йилнинг ўзида ташқи савдо хажмини камида $1 млрдга етказиш учун барча захиралар ва имкониятлар мавжуд”, - деб таъкидлади Ғаниев.

Унинг сўзларига кўра, Остона шаҳрида ўтказилган музокараларда томонлар Мозори-Шариф – Шиберган – Майман – Хирот йўналиши бўйича темир йўлни лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини амалга ошириш тўфайли Афғонистон шимолий-ғарбий транспорт иқтисодий йўли барпо этилишининг муҳимлиги таъкидлаб ўтганлар.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йил январда Ўзбекистон ва Афғонистон вакиллари томонидан Қабулда ташқи савдони $1,5 млрдга етказиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинган эди.

Ўзбекистон ТИВнинг маълумотларига кўра, 2016 йил январ-октябр ойларида икки давлат ўртасида ташқи савдо ҳажми $429 млнни ташкил этган. Ташриф давомида бизнес вакиллари турли хил маҳсулотлар ва хизматларни етказиб бериш бўйича сал кам $50 млнга тенг бўлган шартномалар имзоладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: