Ўзбекистон ва Афғонистон Стратегик ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми имзоладилар

Дата: 14:23, 04-04-2018.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Республикасининг Коммуникация ва ахборот технологиялари вазирлиги ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган “Стратегик ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми” имзоланди, деб хабар беради муассаса матбуот хизмати.

“Мазкур ҳужжатдан кўзланган бош мақсад – иккитомонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизматларини ривожлантиришда тажриба алмашиш, алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Меморандумда, шунингдек, АКТ соҳасида техник ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўзда тутилган”, - дейилади хабарда.

Англашув меморандуми асосида томонлар ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштирадилар, ўзаро дахлдор бўлган телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда почта алоқаси инфратузилмасини мақбуллаштириш чораларини кўрадилар.

“Шу билан бирга, томонлар АКТ соҳасининг турли йўналишларида рақобатбардошлиликни ошириш, “Электрон ҳукумат” йўналишида ҳамкорлик қилишни келишиб олдилар. Имзоланган Меморандум асосида афғонистонлик талабаларнинг Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетларида таълим олишларини ташкил қилиш масаласи ҳам ўрганиб чиқилади”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: https://regnum.ru/news/1346203.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: