Ўзбекистон ва Афғонистон ташқи сиёсий муассасалари экстрадиция тўғрисидаги келишувни имзоладилар

Дата: 13:16, 18-10-2016.

Тошкент. 18 октябр. ЎзТАГ – 17 октябрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббони билан учрашди, деб хабар беради мамлакат ТИВ матбуот хизмати.

Хабар қилинишича, мулоқот чоғида иккитомонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди ва ҳамкорликни янада ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.

“Учрашув доирасида вазирлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида ушлаб бериш (экстрадиция – ЎзТАГ) тўғрисида Битим имзоладилар”, - дейилади хабарда.

Муассасанинг эслатишича, Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббони Тошкент шаҳрига Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун келган.

Олдин маълум қилингани каби, Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ИҲТ ТИВК) 43-сессияси ўз ишини бошламоқда.

Тасдиқланган дастур ва кун тартибига мувофиқ очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Ялпи мажлисда сессия қатнашчилари давлатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ИҲТ олдида турган умумий вазифаларни ҳал қилиш ҳамда сиёсий, иқтисодий, илмий, таълим, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.

Сессия якунига кўра қабул қилинадиган асосий ҳужжат Тошкент декларацияси ҳисобланади. Мазкур ҳужжат ИҲТ кун тартибидаги асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг мазкур ташкилот ТИВКдаги бўлажак раислигининг устувор йўналишларини ўз ичига олади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: