Ўзбекистон ва Австрия экология соҳасида ҳамкорлик келишуви имзоладилар

Дата: 16:44, 11-02-2016.

Тошкент. 11 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Австрия экология соҳасида ҳамкорлик келишуви имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизматига асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Австрия атроф муҳит агентлиги ўртасида имзоланган хужжат томонларнинг илғор технологиялар ва тажрибалар билан алмашиш, ходимлар салоҳиятини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш меъёрлари ва стандартларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлигини назарда тутади”, - дейилади хабарда.

Хужжат Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Австрияга 2016 йил 24-27 январдаги сафари доирасида ЕҲХТ 2016 йил майида ўтказиладиган XXIV иқтисодий ва экологик форумига тайёргарлик учрашувида имзоланган.

“Делегация ташрифи дастури табиатни ҳимоя қилиш сиёсати ва қонучилиги, уларнинг иқтисодиёт тармоқларига таъсири, ресурслар самарадорлигини ошириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш кабиларни қамраб олди”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, сафарнинг муҳим ютуқларидан бири – Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Австриянинг “Eco World Styria” Umwelttechnik Cluster GmbH кластери (экологик ва энергетик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи инновацион компаниялар кластери) билан ҳамфикрлик меморандуми имзоланиши бўлди. Меморандумга доирасида чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича лойиҳалар ва дастурлар, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш кабилар режалаштирилган. Шунингдек, оқава сувларни тозалаш, муқобил энергетика бўйича янги технологиялар ҳам тадбиқ этилади.

Эслатиб ўтамизки, Eco World Styria Umwelttechnik Cluster GmbH 2005 йилда ташкил этилган. Унинг умумий йиллик айланмаси 8,5 млрд евро. Булардан 3,5 млрд евроси қайта тикланувчи энергия манбалари ва экотехнологияларга оид.

Янгилик билан ўртоқлашиш: