Ўзбекистон ва Баҳрайн термалари ўртасидаги ўйинни Япониялик ҳакамлар бригадаси бошқаради
Тошкент. 15 сентябр. ЎзТАГ – 2018 йилги жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичидан ўрин олган Баҳрайн ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашувни Тоджо Минору бошлиқ Япониялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтидаги маълумотга кўра, “ФИФА ҳакамлар департаментни қарорига кўра мазкур учрашувга япониялик Тоджо Минору бошчилигидаги ҳакамлар бригадасини тайинланган. Миноруга мазкур учрашувда қанотларда ҳамюртлари Наги Тошиюки ҳамда Синдзи Очилар ёрдам беришади”.
Бундан ташқари, заҳира ҳаками сифатида ўйинга бангладешлик Раҳмон Мизанур тайинланган. Ўйинга Саудия Арабистони вакили Абдулраҳмон Алзаид учрашув назоратчиси этиб тайинланган. Гуам вакили Майкл Бордалло учрашувда комиссарлик қилади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон ва Баҳрайн термалари ўртасидаги ўйин 2015 йил 8 октябрда Манамада бўлиб ўтади.


