Ўзбекистон ва БАА қўшма инвестиция компаниясини ташкил этадилар

Дата: 11:31, 18-01-2019.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ўзбекистон-Амирликлар қўшма инвестиция компаниясини ташкил этадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) билан биргаликда Ўзбекистон-Амирликлар инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин”, - дейилади президентнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида.

Фармонга мувофиқ, инвестиция компанияси Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) компаниясининг 75% миқдордаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 25% миқдордаги улушлари ҳисобига $5 млн миқдоридаги устав фондига ва $1 млрд миқдоридаги эълон қилинган капиталига эга бўлиб, масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади, бунда қўшимча иштирокчиларни ўрнатилган тартибда жалб этиш мумкин бўлади.

Ҳужжатга мувофиқ, компания Бирлашган Араб Амирликларининг инвестициявий, молия институтлари ва компаниялари билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш вазифаларини бажаради, улар билан инвестициявий муносабатларни мувофиқлаштиради, шунингдек, қўшма инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва рўёбга чиқаришга кўмаклашади.

Бундан ташқари, инвестиция компанияси, шунингдек, унинг таъсисчилари олинган дивиденд ва фоизлар бўйича даромадлар билан бирга фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан, шунингдек, унинг мол-мулки ва активларини реализация қилишда қўшилган қиймат солиғидан 3 йил муддатга озод қилинади.

Устав фондининг (капитали) камида 30%и инвестиция компанияси маблағлари ҳисобидан шакллантирилган янги ташкил этилган корхоналарга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади.

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: