Ўзбекистон ва Бангладеш $200 млнлик савдо шартномалари имзолашди
Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Бангладешнинг бир қатор ташқи иқтисоидий компаниялари томонидан ушбу мамлакатга қиймати $200 млндан ошиқ маҳсулотлар етказиб бериш ҳақида шартномалар тузилди. Бунга Ўзбекистон Республикаси ТИАИСВ делегацияси ташрифи натижасида эришилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бундан ташқари, ТИАИСВдан хабар беришларича, иқтисодиётнинг турли истиқболли тармоқларида биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида ҳам келишувларга эришилди.
Ўзбек делегацияси ташриф давомида Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина, тижорат вазири Тофаил Аҳмад, ташқи ишлар вазири Шаҳриёр Алам, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмалари ва Бангладешнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда Бангладеш тўқимачилик саноатига тизимли равишда пахта толаси етказиб бериш, шунингдек, енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, кимё маҳсулотлари ва бошқаларни Бангладеш бозорига экспорт қилиш масалалари, шу жумладан, Дакка шаҳрида ташқи савдо компанияларининг ваколатхоналарни очиш йўли билан, муҳокама этилди.
Шунингдек, Бангладеш томони Ўзбекистон ҳудудида тўқимачилик маҳсулотлари ва фармацевтика препаратлари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам иккитомонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.