Ўзбекистон ва Беларус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолайди

Дата: 19:12, 31-07-2019.

Тошкент. 31 июль. ЎзТАГ - Ўзбекистон ва Беларус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

30 июль куни Беларус Республикаси табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбари Андрей Худик Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров билан учрашди.

Беларус табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, учрашув чоғида томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсати ҳақида маълумот алмашдилар, шунингдек, чиқиндиларни бошқариш, экологик сертификатлаш, экологик маркалаш ва экологик аудит, экологик таълим ва биологик хилма-хилликни сақлаш каби қатор соҳаларда ҳамкорликни амалга оширишга қарор қилдилар.

"1 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Белоруссияга ташрифи доирасида Беларус табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланади", - дейилади Беларус Республикаси табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шартноманинг асосий мақсади, томонлар ўртасида миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат.

Сурат манбаи: minpriroda.gov.by

Янгилик билан ўртоқлашиш: