Ўзбекистон ва Беларус президентлари кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказдилар

Дата: 10:39, 02-08-2019.

Тошкент. 2 август. ЎзТАГ – 1 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларус президенти Александр Лукашенко икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси ва минтақалараро алмашинувни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди", - дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Ш.Мирзиёев икки йил ичида ўзаро савдо ҳажми қарийб тўрт баробар ўсганини, товар айирбошлашнинг белгиланган динамикасини сақлаб қолиш ва кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, маҳсулот етказиб берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мунтазам равишда бизнес-форумлар ва кўргазмалар ўтказиш, захираларни максимал даражада ишга тушириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиш муҳим аҳамиятга эга.

"Ҳукуматлараро комиссия савдо оқимларини чуқур таҳлил қилиб, келгуси йилларда товар айланмасини бир неча баробар кўпайтиришимиз мумкин бўлган аниқ таклифлар тайёрлаши керак", - деди Ш.Мирзиёев.

А.Лукашенко Беларус ва Ўзбекистон ҳамкорлиг шунчаки дўстона муносабатлард билан чекланмаганини таъкидлади. Ташрифнинг бугунги қизғин дастури мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга интилаётганининг ёрқин тасдиғидир.

"Ўзбекистон иқтисодиётни диверсификация қилишда сифатли ютуққа эришди, автомобилсозлик, нефт-газ кимёси, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш каби янги тармоқлар яратилди. Беларус қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан иқтисодий йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр", - деди А.Лукашенко.

Шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини қабул қилиш, қўшма корхоналар ва сервис марказларини, сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича замонавий комплексларни, фармацевтика корхоналарини ташкил этиш, IT-сектор ҳамкорлигини кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, етакчи саноат корхоналари ва Ўзбекистон ва Беларус кичик бизнес даражасида кооперацияни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Тажриба ва технологиялар алмашиш, ички бозорда ҳам, учинчи мамлакатлар бозорларида ҳам товарларни биргаликда илгари суриш орқали рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик, чарм ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа истиқболли йўналишларда кооперацияни кучайтириш ҳам устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Президентлар икки мамлакат ҳудудларида мавжуд салоҳиятнитўла юзага чиқариш муҳимлигини таъкидладилар.Ўзбекистон президентининг ташрифи арафасида Минскда ўтган форумда томонларнинг ҳамкорликка интилиши қатъийлиги, ўзаро манфаатли лойиҳалар кўплиги намоён бўлди.

Илм-фан, рақамли технологиялар, таълим, маданият, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришилди.

“Музокаралар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олинди”, - деб якунланади хабар.


Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: