Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар
Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Жеффри Фелтман билан учрашди. Ж.Фелтман Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлиси ишида қатнашиш учун мамлакатимизга келган, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
“Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади пайшанба куни эълон қилинган хабарда.
Шунингдек, мулоқот давомида минтақавий масалаларга ҳамда Орол денгизи экологик фожеаси оқибатларини юмшатиш бўйича икки ва кўп томонлама дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-юбилей мажлиси бўлиб ўтади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.


