Ўзбекистон ва БМТ инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиради

Дата: 12:51, 24-01-2018.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ИИВга БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал бошчилигидаги мамлакатдаги БМТ ваколатхонаси гуруҳи ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Делегация таркибига “Одил жиноий судлов ҳамда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олиш” номли 2-кичик дастурнинг халқаро мувофиқлаштирувчиси Вера Ткаченко, БМТнинг Ривожланиш мақсадлари бўйича миллий консультанти Гулжаҳон Аманова, шунингдек “Одил жиноий судловга кўмаклашиш дастури”нинг миллий мувофиқлаштирувчиси Нафиса Абдуллаевалар кирдилар.

Тадбир давомида томонлар гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини, жумладан, маҳкумларнинг ва маҳбусларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби бир қатор масалаларни муҳокама қилишди.

Музокара иштирокчилари асосий эътиборни Ўзбекистон ва БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Амалий тадбирлар режасини (“Йўл харитаси”) амалга оширишга қаратишди.

ИИВ маълумотига кўра, А. Миттал ИИВ ва БМТ тузилмалари ўртасидаги “Йўл харитаси”ни амалга ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш сифатини ошириш бўйича жиноий, жиноий-процессуал ва жиноий-ижро этиш тизими соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш масалалари борасида келажакдаги ҳамкорликнинг аниқ йўллари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Сурат манбаи: https://unama.unmissions.org/illicit-drugs-pose-%E2%80%98critical-challenge%E2%80%99-afghanistan-says-un-backed-report

Янгилик билан ўртоқлашиш: