Ўзбекистон ва Болгария президентлари $23 млнлик товар айланмасини етарли эмас деб баҳолашди

Дата: 14:12, 21-09-2017.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радевлар Нью-Йорк шаҳрида 20 сентябрдаги учрашувида 2016 йилда мамлакатлар ўртасидаги қайд этилган $23 млнлик товар айланмасини етарли эмас деб баҳолашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълумотига кўра, учрашувда бу кўрсаткич мавжуд имкониятларга мос эмаслиги, ҳар икки томон ҳамкорликни ривожлантириш учун катта иқтисодий салоҳиятга эга экани таъкидланди. 

Олий даражадаги мазкур учрашувда Ўзбекистон – Болгария муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очиш зарурлиги, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар ўзаро манфаатли экани таъкидланди. 

Хусусан, Ўзбекистон Болгария бозорига кимё, электр техникаси, тўқимачилик ва кабель маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ўғитлар, мева-сабзавот етказиб бериши мумкин. Фармацевтика, косметика, электр техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари мавжуд. 

Шунингдек, транспорт-коммуникация, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. 

Мулоқотда шу жабҳаларда аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш мақсадида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга келишиб олинди. 

Румен Радев Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни, Марказий Осиёда давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қадрлашини таъкидлади. 

Ш.Мирзиеев Болгария раҳбарини ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди. 

 Эслатиб ўтамизки, Болгария Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шерикларидан бири. Ўзбекистонда Болгария инвестициялари иштирокида тузилган 14 корхона фаолият юритмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: