Ўзбекистон ва Болгария туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Дата: 17:29, 20-11-2018.

Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Болгария туризм соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишни бошлади, хусусан, Европа таълим институти (Болгария) билан меморандум имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон томонидан ҳужжатни “Туризм таълим ва консалтинг маркази” ДУК имзолаган.

Ҳужжатнинг мақсади таълим фаолияти соҳасида ҳамкорлик қилиш, туризм ва меҳмондўстлик соҳаси ходимларининг таълим сифатини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакатнинг таълим муассасалари ўртасида кенг қамровли алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик сайёҳлик ва меҳмонхона соҳаси ходимларини Болгария ва бошқа Европа давлатларида ўқитиш ва малакасини ошириш, давлат ва хусусий ташкилотларнинг маъмурий ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича қўшма курсларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Таъкидланишича, “Назариядан амалиётга” биринчи қўшма лойиҳаси 2019 йил январидан бошланади. Дастурнинг янгилиги меҳмонхона мажмуаларида меҳмонларга хизмат кўрсатишда халқаро ва миллий тажрибанинг умумлаштирилиши, Тошкентдаги меҳмонхоналар базасида назарий ва амалий машғулотларни уйғунлаштириш, кишиларнинг қийин аҳволда ўзини тутишининг психологик жиҳатларини ўрганишдан иборат. Курс ўқитувчилари сифатида Ўзбекистон ва Болгариянинг меҳмонхона иши ва туризм соҳасидаги мутахассислар иштирок этадилар.

Таъкидланишича, курс якунида иштирокчиларга Европа сертификатлари ва Европанинг энг яхши меҳмонхоналарида 3 ойдан 6 ойгача бўлган вақт мобайнида стажировка ўташ учун гувоҳномалар берилади.

Сурат манбаи: https://www.uzreport.news

Янгилик билан ўртоқлашиш: