Ўзбекистон ва Буюк Британия давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоладилар

Дата: 17:29, 06-12-2018.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Буюк Британия давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Айни кунларда Адлия вазири ўринбосари М. Истамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Лондонда хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафардан мақсад – Буюк Британия давлат тизими билан танишиш, давлат хизматлари соҳасида тажриба алмашиш ҳамда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Делегация таркибига Вазирлар Маҳкамаси вакилларидан тортиб вазирлик марказий аппарати ходимлари ҳамда вилоятлар адлия бошқармалари ва энг чекка туман адлия бўлимларида фаолият юритувчи ходимлари кирган.

“(…)Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Буюк Британия ҳукуматини рақамлаштириш давлат хизмати ўртасида давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида мутахассисларни ўқитиш хамда уларнинг малакасини оширишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди”, - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси учун Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигида турли учрашувлар, давра суҳбатлари, тақдимотлар ҳамда тренинглар ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, сафар дастурида Лондон ассамблеяси ҳамда маъмурий бошқарув соҳасида нуфузли консалтинг компанияси фаолияти билан яқиндан танишув ҳам ўрин олган.

Адлия вазирлиги делегацияси Буюк Британияга сафари доирасида ўз ишини давом эттирмоқда.

 

Сурат манбаи: http://www.minjust.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: