Ўзбекистон ва ЕИ Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга баённомани имзолашди

Дата: 16:38, 19-07-2017.

Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси делегацияси Бруссел шаҳрида “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик кенгашининг 13-йиғилишида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Делегацияга мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилик қилди.

ТИВ маълумотига кўра, йиғилиш бошланишидан аввал Хорватия Республикасининг Европа Иттифоқига қўшилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, Европа ҳамжамиятлари ва уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикликни таъсис этувчи Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга Баённомани имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон номидан ҳужжатни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Европа Иттифоқи номидан эса ЕИга раислик қилаётган Эстония Республикасининг Ташқи ишлар вазири Свен Миксер ҳамда Европа Иттифоқи Комиссиясининг Савдо бўйича Бош директорати бўлими раҳбари Петрос Сурмелис имзоладилар.

Йиғилишда икки томон кун тартибидаги масалалар, аввал эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни батафсил кўриб чиқилди. Томонлар узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли икки томонлама шаклдаги ва минтақалараро даражадаги кенг қамровли шерикчиликни ривожлантиришга тайёрликларини тасдиқладилар.

Ўзбекистон ва Евроиттифоқ терроризм, диний экстремизм, наркотик моддаларнинг тарқалиши ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Йиғилишда маданий-гуманитар ҳамкорликнинг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Абдулазиз Камилов ва Свен Миксер қўшма матбуот конференцияда чиқиш қилдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: