Ўзбекистон ва Эрон афғон муаммосини ҳал қилишга кўмаклашиш чораларини муҳокама қилдилар

Дата: 11:32, 30-10-2018.

Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Эрон афғон муаммосини ҳал қилишга кўмаклашиш чораларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация 21-24-октябр кунлари амалий ташриф билан Эрон Ислом Республикасида бўлди.

“Ташриф давомида афғон муаммоси ечимига кўмаклашиш, Афғонистонда тинчлик музокараларини бошлаш йўллари ҳамда ушбу мамлакатда инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг хабарида.

Шунингдек, ташриф чоғида делегация Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда амалга оширилаётган транспорт-коммуникация лойиҳалари, аввало “Хаф (Эрон) – Ҳирот” (Афғонистон) янги темир йўл тармоғи инфраструктураси ҳамда Чоҳбаҳор денгизи порти имкониятлари билан танишди.

Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги ва Эрон темир йўллари ташкилоти раҳбариятлари билан ҳам учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Сурат манбаи: http://vestikavkaza.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: