Ўзбекистон ва Эрон ҲАК йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўришмоқда

Дата: 15:53, 25-12-2017.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида Эрон Ислом Республикаси саноат, конлар ва савдо вазири ўринбосари Можтаб Ҳосровтож билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТСВ маълумотига кўра, учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, бу соҳада ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, шунингдек, транспорт ва транзит юк ташиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида юқорида қайд этилган йўналишларда фаол мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, томонлар 2018 йилнинг биринчи ярмида Теҳронда Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисини ташкил этиш ҳақида келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамизки, 18 октябр куни Теҳронда Ўзбекистон-Эрон ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон ТСВ, ТИВ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари кирган Ўзбекистон Республикаси делегацияси иштирок этдилар.

Ташриф доирасида ва бизнес-форум якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича $7,5 млнлик дастлабги келишув баённомаси, шунингдек, $25,5 миллионлик шартнома ҳам имзоланди.

Сурат манбаи: https://en.mehrnews.com/news/119204/Khosrowtaj-appointed-new-head-of-TPO

Янгилик билан ўртоқлашиш: