Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги товар айланмаси йил бошидан буён 40% га ўсди
Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги товар айланмаси йил бошидан буён 40% га ўсди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"29 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Эроннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси, мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Баҳман Огоразий Дурманийни қабул қилди. (...) 2019 йилнинг январь-июнь ойларида икки томонлама савдо айланмаси $213,8 млнни ташкил этди, бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан деярли 40% га кўпдир", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Вазир элчини қутлар экан, уни ўзбек-эрон муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилган Ўзбекистонда тўрт йиллик фаолияти муваффақиятли якунлангани билан табриклади. Савдо-иқтисодий, сармоявий алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Элчи ўз навбатида Ўзбекистондаги миссиясининг муваффақиятли бажарилиши учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди.
Сурат манбаи: repost.uz


