Ўзбекистон ва Евроиттифоқ янги ҳамкорлик органини таъсис қилдилар

Дата: 10:55, 17-07-2017.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Евроиттифоқ янги ҳамкорлик органи – Ривожланиш мақсадида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитани таъсис қилдилар. Ушбу орган молия-техника соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш билан шуғулланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Янги органни таъсис қилиш розилиги томонларнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Европа Иттифоқи Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Бош директорати раҳбари Стефано Мансервиси бошчилигидаги делегация билан учрашувида тасдиқланди.

ТИВ маълумотларига кўра, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, ЕИнинг Марказий Осиё билан янги ҳамкорлик стратегиясининг самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан уни тадбиқ этиш жараёни муҳокама қилинди.

Учрашувда Бруссел шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон-ЕИ” ҳамкорлик кенгашининг 13-мажлиси, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Бош вакили Федерика Могеринининг мамлакатимизга ташрифи, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” минтақалараро учрашувининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш ва бошқа қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш жараёни амалий жиҳатдан кўриб чиқилди.

Музокараларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, элчи Эдуард Стрипрайс иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: