Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этишда ҳамкорлик қилишни бошладилар

Дата: 13:41, 27-03-2019.

Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этишда ҳамкорликни йўлга қўйди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 24-26 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов бошчилигидаги делегация Брюсселга ташриф буюрди. Ташриф чоғида бир қатор юқори лавозимдаги Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

“Музокаралар кун тартибидаги асосий масала Орол денгизи минтақасида инсон ҳаёти хавфсизлиги бўйича кўп томонлама мақсадли фонд (КШТФИХ) доирасида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик истиқболларини белгилаш эди”, - дейилади хабарда.

Таъкидландики, учрашувлар чоғида Европа Иттифоқи ва Белгия вакиллари Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг КШТФИХ ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар ва Орол денгизининг қуриши салбий оқибатларини камайтириш борасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида сўз юритдилар.

“Учрашув ва музокаралардан сўнг апрель ойининг бошларида Европа Иттифоқининг махсус вакили Пётр Буриан бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистоннинг эҳтиёжларини ўрганиш учун Оролбўйига ташриф буюради ва Европа Иттифоқи институтлари ва аъзо мамлакатларга Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар тайёрлаши ҳақидаги келишувга эришилди”, - дейилади хабарда.

Европа томони ЕИБ билан КШТФИХ ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашни таклиф қилмоқчи. Ушбу келишувни имзолаш вице-президент Васил Худакнинг Ўзбекистонга май ойидаги ташрифига режалаштирилган.

Сурат манбаи: asiatv.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: