Ўзбекистон ва ФАО қурғоқчилик ва ерлар деградациясини бартараф қилиш билан шуғулланади

Дата: 14:15, 10-04-2018.

Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) қурғоқчилик ва ерлар деградациясини бартараф қилиш билан шуғулланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“9-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатимизга ташриф билан келган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Делегацияга ФАО Бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Владимир Рахманин бошчилик қилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Ташриф дастурига кўра Бухоро шаҳрида ипакчилик бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш, икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

ТИВда бўлиб ўтган суҳбат давомида таъкидланганидек, Ўзбекистон ва ФАО ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилганлигини томонлар юқори баҳолайди. 2014-йил июн ойида ташкилотнинг Тошкентда Ваколатхонаси очилганидан сўнг алоқалар фаоллашгани қайд этилди.

“Ҳозирги вақтда ўзбекистонлик ҳамкорлари билан биргаликда ФАО қатор миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга оширмоқда, булар ўсимликшунослик, ўрмончилик, уруғчилик, қурғоқчилик билан кураш, ер деградациясини олдини олиш, чўл биохилма-хиллигини сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш каби йўналишларни қамраб олади”, - дейилади хабарда.

Музокараларда БМТнинг Саноат тараққиёти бўйича ташкилоти (ЮНИДО) билан биргаликда ипакчилик бўйича лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, шунингдек, ФАОнинг 2018-2021-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон учун тайёрланаётган Ҳадли дастури юзасидан фикр алмашилди.

Сурат манбаи: https://ru.armeniasputnik.am/armenia/20170617/7667715/mir-otmechaet-den-borby-s-zasuhoj-araratskaya-dolina-issyhaet.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: