Ўзбекистон ва Финляндия ҳукуматлараро комиссия фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмоқда
Тошкент. 20 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Финляндия савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"16 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ўзбек-фин вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раунди бўлиб ўтди", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг кун тартиби, шунингдек, "Ўзбекистон – Европа Иттифоқи"форматидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
"Томонлар ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга экани ва икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги таклиф кўриб чиқилди, унинг аввалги мажлиси 2002 йилда бўлиб ўтган эди", - дейилади хабарда.
Томонлар халқаро ва минтақавий муаммоларнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар.
Сурат манбаи: kavkazplus.com