Ўзбекистон ва Франция ҳамкорликка доир 10 ҳужжатлар имзоладилар

Дата: 09:26, 10-10-2018.

Тошкент. 10 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Франция 10 ҳукуматлараро ва муассасалараро ҳужжатлар имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳужжатлар Елисей саройида 9 октябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэл Макронларнинг учрашуви якунлари бўйича имзоланди.

“Ташриф доирасида автомобиль транспортида ташиш, туризм, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, техник кўмак, космосни тадқиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ва бошқа соҳаларга оид ҳукуматлараро ва идоралараро 10та ҳужжат имзоланди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, президентлар савдо-иқтисодий, инвестицион, энергетик, технологик, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. 

Қайд этилишича, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Франция тадбиркорлари ҳаракати - “МЕДЕФ” билан биргаликда ташкил этилган бизнес форум якунида Европанинг илғор тажрибаси, билимлари ва технологиялари асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.  

Хусусан, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 600 млн еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди.

Бундан ташқари, иқтисодиёт, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очиш борасида келишувларга эришилди. 

Қайд этилишича, Халқаро туризм академияси, Тулуза, Сержи-Понтуаз, ИНАЛКО университетлари ва бошқалар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка доир келишувлар имзоланди.

“Мамлакатимиз тарихий ва маданий меросига улкан қизиқишни ҳисобга олиб, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан бирига бағишлаб Луврда ўтказиладиган илк шундай тадбир бўлади”, - дейилади хабарда. 

Музокаралар якунида ҳужжатлар ўзаро алмашилди. 

Президент Ш. Мирзиёев Тошкентдан Парижга 9 октябр куни учиб кетган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 8-9 октябр кунлари президент Э. Макроннинг таклифига биноан Францияга расмий ташриф буюрди.

Сурат манбаи: из http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: