Ўзбекистон ва Франция ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битим кучга кирди

Дата: 15:21, 01-05-2019.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Франция ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битим кучга кирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон ва Франция ҳукуматлари ўртасида Авиақатновлар тўғрисидаги 2016 йил 20 июлда Тошкент шаҳрида имзоланган битим 2019 йил 1 майдан кучга киради", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, шартнома авиакомпаниялар томонидан икки томонлама халқаро ҳаво хизматларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишни тартибга солади.

"Ҳужжат қоидаларига кўра, ҳар бир томоннинг белгиланган авиаташкилотлари иккинчи давлат ҳудудида келишилган пунктларда қўнишни амалга ошириш ва уларнинг ҳуудудларидан қўнмасдан учиб ўтиш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Франция ўртасида ҳаво қатновини ривожлантириш мақсадида битимда авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлар озод этувчи имтиёзлар ўзаро келишув асосида тақдим қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, битим авиация соҳасидаги хавфсиз ва икки мамлакат авиация ташкилотлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ҳал этиш меъёрлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишнинг бошқа шартлари белгилаб қўйилган.

"Битим икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли авиаташув бозорини шакллантиришга ёрдам беради", - деб якунланади хабар.

 

Сурат манбаи: gtn.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: