Ўзбекистон ва Франция туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тўғрисида битим имзоладилар

Дата: 15:39, 18-07-2019.

Тошкент. 18 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Франция туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича битим имзоладилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"15-17 июль кунлари Париж академияси ва Франция олий ўқув юртлари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Ташрифдан кўзланган мақсад икки мамлакат таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, туризм соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш ва стажировкаларни ташкил этиш, шунингдек, келажакда туризм соҳасида бакалавриат ва магистратура йўналишида қўшма дастурларни амалга оширишдан иборат", - дейилади туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Делегация вакиллари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси биносида олий даражадаги учрашувларда иштирок этдилар. Шунингдек, франциялик меҳмонлар Самарқандга ташриф буюришди. Бу ерда Франция ва Ўзбекистон 2020 йил баҳорида ўтказилиши режалаштирилган ректорлари форумига тайёргарлик кўриш масалалари бўйича қўшма комиссиянинг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида таълим соҳасидаги муносабатларни ривожлантириш салоҳияти, Париж университетининг "Ипак йўли"туризм халқаро университети билан Ўзбек-француз таълим форуми ва ҳамкорлигини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

"Тадбир якунида Франция Париж академияси ва "Ипак йўли" халқаро туризм университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Шартнома талабалар ва ўқитувчиларнинг ҳаракатланишини таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш, ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш масалаларини қамраб олади", – дейилади хабарда.

Ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида туризм соҳасига ихтисослашган олий таълим муассасалари, малака ошириш институтлари ва академия таркибига кирувчи илмий-тадқиқот институтлари билан бевосита алоқалар йўлга қўйилади.

 

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: