Ўзбекистон ва Германия Афғонистонда йирик лойиҳаларни молиялаштириш масалаларини муҳокама қилдилар
Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Германия Афғонистонда йирик лойиҳаларни молиялаштириш масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, бу ҳақида 8 октябр куни ТИВда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили И. Иргашевнинг Германия ҳукуматининг Афғонистон ва Покистон бўйича Махсус вакили М. Потцел билан учрашувида гапирилди.
“Томонлар “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўл магистралини, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини, турли узунликдаги автомобил йўлларини ва Афғонистондаги бошқа инфраструктура объектларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш учун молиявий манбаларни жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилдилар”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, мунтазам Ўзбекистон-Германия сиёсий маслаҳатлашувлари доирасида томонлар Афғонистонда вужудга келган ҳолат ва мазкур давлатдаги тинчлик жараёни истиқболлари борасида фикр алмашдилар.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференция якунларига кўра 27 март куни қабул қилинган Тошкент декларациясининг бандлари ва таклифларини амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган таълим йўналишидаги лойиҳаларда, жумладан, Термизда ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳамда Афғонистонда таълимни қўллаб қувватлаш халқаро фонди фаолиятида Германия томонининг иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди.
Сурат манбаи: из https://www.uzdaily.uz