Ўзбекистон ва Германия икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритдилар

Дата: 14:49, 30-12-2015.

Тошкент. 30 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Германия икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“2015-йилнинг 29-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Германия Федератив Республикасининг Муваққат ишлар вакили Мелани Молтманн билан учрашув бўлиб ўтди. Ушрашув давомида 2014-йил 14-октябрда Берлин шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999-йил 7-сентябрдаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Баённома ратификация ёрлиқлари алмашилди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, “Ҳужжатга биноан юқорида қайд этилган Битимга солиқ сиёсати шаффофлиги бўйича халқаро стандартларга мос келадиган ахборот алмашиш механизмининг самарадорлигини кенгайтиришга қаратилган янги қисмлар киритиш кўзда тутилиб, улар икки давлат компаниялари ва тадбиркорлари ўртасида ўзаро инвестицияни жалб қилиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга имкон яратади”.

Бундан ташқари, ушбу халқаро келишув солиққа оид қонунбузарликларга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳамда Ўзбекистон ва Германия солиқ қонунчилигига амал қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Баённома ратификация ёрлиқлари алмашилган санадан бошлаб кучга кирган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: