Ўзбекистон ва Германия таълим соҳасида қатор келишувларни имзоладилар

Дата: 22:22, 04-03-2015.

Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Давлат хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рабоқатни ривожлантириш қўмитаси раиси Даврон Ҳидоятовнинг Германияга сафари доирасида немис ОЎМ билан таълим соҳаларида қатор келишувлар имзоланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат хусусийлаштириш қўмитасидан хабар қилишларича, хусусан, Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан ҳамкорлик келишуви имзоланди. Келишув Тошкентда Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналарнинг раҳбар ва бошқарув персонали учун корпоратив бошқарув соҳасида биргаликдаги ўқув курсаларини ташкил этишни назарда тутади. Шунингдек, имзоланган Битимда мазкур ўқув курсларини яхши кўрсаткичлар билан якунлаган тингловчиларни Германиянинг етакчи компанияларига амалий стажировкага юбориш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Яна бир ҳамкорлик келишуви Висмар Университетининг Шарқ институти билан имзоланди. Унинг доирасида Тошкент шаҳридаги Олий бизнес мактабида олиб бориладиган корпоратив бошқарув бўйича ўқув курсларига лектор сифатида Шарқ институти профессорларини жалб қилишни, шунингдек Олий бизнес мактаби тингловчиларининг етакчи немис компанияларида стажировкада бўлишлари режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ансбах шахридаги Амалий фанлар университети билан ҳам бошланғич келишув имзоланди. У корпоратив бошқарув соҳасида Ўзбекистондаги корхоналарнинг раҳбар ва бошқарув ходимларини биргаликда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган ўқув курсларини ташкил этиш, талаба ва ўқитувчилар академик алмашинувини йўлга қўйиш кабиларни кўзда тутади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: