Ўзбекистон ва ГФР мулоқотларни фаоллаштиришни муҳокама қилишмоқда

Дата: 15:58, 19-01-2018.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – 18 январ куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Германия Федератив Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гунтер Оверфельд билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълумотига кўра, суҳбат давомида Ўзбекистон-Германия мулоқотини ҳукумат ва бошқа даражаларда фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга суҳбат тафсилотлари очиқланмаган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистоннинг Германия, шунингдек, бошқа европа мамлакатлари билан муносабатлари ҳам икки томонлама даражада, ҳам Ўзбекистон Республикаси билан Европа Ҳамжамияти ва унга аъзо давлатлари ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик шартномаси доирасида ривожланмоқда.

Германия Ўзбекистоннинг Европадаги асосий савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича ўзбек-герман савдо ҳажми $520,1 млнга етди, икки мамлакат ўртасидаги молиявий ва техникавий ҳамкорликнинг умумий ҳажми 329,9 млн евродан ошди.

Асосий экспорт турлари транспорт ва сайёҳлик хизматлари, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, мис маҳсулотлар, ноорганик кимё маҳсулотлари, матолар, ип-калава кабилар ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида германиялик сармоядорлар иштирокида тузилган 110дан зиёд корхона ташкил этилган бўлиб, шундан 30 атрофидаси 100% немис капиталига ташкил этилгандир.

 

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2017/09/27/germany/

Янгилик билан ўртоқлашиш: